«Бирлик» ғалабаси: Швециядаги Марказий Осиё Ассосиациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси рўйхатга олинди

Бугун Швеция Қироллигида рўйхатга олинган Марказий Осиё Ассосиациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тегишли гувоҳнома топширилди. Ўзбекистон Адлия вазирлигидан 100-сонли рақам билан 18 декабрда рўйхатга олинган мазкур қонун ҳужжати Ассосиациянинг мамлакатда фаолият олиб боришини кафолатлайди.

Швециядаги Марказий Осиё Ассосиациясининг раҳбари таниқли жамоат арбоби, СССР Олий советининг собиқ депутати, «Бирлик» Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охунов бўлиб, ташкилот фуқаролик жамияти барпо этишда кўмаклашиш, демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Марказий Осиё Ассосиациясининг ваколатхонаси рўйхатга олинишида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаол иштирок этди. Ўз ҳамкорига ташкилий жараёнларда кўмак берди. Эндиликда Ассосиация Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ўз фаолиятини йўлга қўйиш ҳаратидадир.

Ўзбекистонда фаолият бошлаган ваколатхона директори Гулноза Мамарасулова бўлиб, ёш, иқтидорли бу аёл инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган. Ўзбекнинг Тўмарис аёллари каби жасоратга чоғланган ҳамкасбимизга ҳам омадлар тилаймиз.

Европа Иттифоқининг кўплаб структураларидаги демократия ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи фаоллари Марказий Осиё Ассосиацияси фаолиятини қўллаб келишади. На шундай рағбатларни ҳисобга олиб, Ассосиациянинг фаолиятига ривож тилаймиз ва Ўзбекистон расмийларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Related Posts