“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси фаоллари Тошкентда йиғилдилар.

Бугун Тошкент шаҳридаги “Қоратош” кафесида “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгаши Ҳайъатининг фаоллари узоқ пайтдан бери илк марта йиғилдилар. “Ҳаракат” мухбирининг айтишича, партиянинг Андижондаги раиси Мусажон Бобожон, Фарғонадан Адҳам Муҳиддин, Қашқадарёдан Дайнов Ташанов, Сирдарёдан Исроил Ризо каби партиянинг Марказий Кенгаши аъзолари етакчилигида 20 дан ортиқ фаоллар йиғилишди. Бир пиёла чой устида ўтган тадбирда партияни рўйхатдан ўтказиш, навбатдаги Қурултойга тайёрланиш, сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар, мамлакатдаги оғир сиёсий ижтимоий муҳит масалалари муҳокама қилинди.

Мажлис олдидан Вашингтонда мажбуран яшаётган партия лидери Абдураҳим Пўлат сафдошлари билан телефон орқали мулоқот қилди ва уларни фаолликка ундаб, ҳозирги мураккаб шароитда сиёсий мухолифатни тан олишгина мамлакатдаги муаммоларга ечим бўла олишини айтди. Бундан руҳланган партия фаоллари мавжуд ижтимоий-сиёсий таранг вазиятда, майда-чуйда ижобий ўзгаришлар бўлаётганига қарамай, фундаментал ислоҳотлар амалга оширилмаётгани, ҳатто буни ҳукумат истамаётгани, истаган тақдирда ҳам “Бирлик”сиз қила олмаслигини асослашди.

Партия Марказий Кенгашининг сирдарёлик аъзоси Исроил Ризога кўра, фуқароларда, афсуски, сиёсий ҳуқуқларни билиш, уни амалга оширишда етарлича қизиқиш, интилиш йўқ. Кўпгина кишилар ҳозирда маиший муаммоларга ўралашиб қолган. Кўпчиликда гўё ислоҳотларнинг самарасига ишонч бор. Аслида эса мамлакатда ислоҳотлар рўёби учун етарли даражада ричаглар мавжуд эмас.

Партия Марказий Кенгашининг андижонлик аъзоси Мусажон Бобожонга кўра, Ўзбекистон ҳукумати айнан фуқаролик жамиятини юксалтириш йўлидан боришни гапирмоқдами, демак, аввало сиёсий ҳуқуқларни таъминлашга асосий эътиборни қаратиши лозим. Бу ташаббусни олқишлаган кекса “Бирлик”чи Вазира Эгамберди ва Маҳбуба Қосимлар эса айнан шу кунларда “Бирлик”нинг мажлисида қатнашиб, қайта туғилгандек бўлган ҳиссиётларини яширолмадилар. 

Партияда ўз ўринбосари бўлган Дайнов Ташановга мажлис олдидан телефон орқали мурожаат қилган партия лидери Абдураҳим Пўлатнинг ислоҳотлар самараси фақатгина сиёсий ечимларга боғлиқлиги, глобаллашаётган дунёда барча ҳаракатларда мақсаднинг бирламчи экани, Ўзбекистон ҳукуматининг эса яқин келажакда жиддий ислоҳотлар қилиш мақсади йўқлиги ҳақидаги гаплари ўринли экани тан олинди. 

Демак, олдинга кетишнинг ягона йўли ҳаракатдир, сайтимиз ёзаётганидек, “Ҳаракатда — Баракат!”дир.

Наврўз — яшариш ва янгиланиш айёми — олдидан “Бирлик”чиларнинг ўзаро дийдоралашуви мухолифатчилик ҳаракатининг яна-да жонланишиги туртки бериши муқаррар. Хуллас, мамлакатнинг турли нуқталаридан келган фаоллар ўзаро мунозара ва тортишув, турли фикрларга тўла кўтаринки кайфиятда тарқалишди. 

Жойи келгани учун айтиш керакки, Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонимиз ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга муҳтожлигини айтиш билан бир қаторда, асосий фикрларини яна такрорлади: 

— ФУНДАМЕНТАЛ сиёсий ислоҳотларнинг марказида мамлакатни демократиялаштириш, яъни, қўғирчоқ Олий Мажлис, қўғирчоқ сиёсий партиялар, қўғирчоқ ҳукумат, қўғирчоқ оммавий ахборот воситаларидан тозаланиш каби ғоялар ётиши шарт.

— ФУНДАМЕНТАЛ иқтисодий ислоҳотларнинг марказида эса, ТЎЛА БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИГА ўтиш, КАТТА бойлар яратиш йўлига мавжуд режимнинг ўзи яратган тўсиқларни улоқтириш каби ғоялар ётиши шарт.

— Шу ғоялар амалга ошириш учун собиқ Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни эски лавозимига қайтариш, ҳозирги турли даражадаги давлат ходимларидан тозаланиш керак.

— Мавжуд ҳокимият “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси каби демократик мухолифат ташкилотлари билан бирга ишлаши керак.

Шундай қилинса, мамлакатимиз ва аҳолисининг мутлақо кўпчилик муаммолари ўз ўзидан ҳал бўлади.

Хуллас, йиғилиш хотимасида ўзаро якдил қарорга келишилди: Интилиш ва изланишдан бошқа йўл йўқ! Бу йўлдан қайтмаймиз! Мавжуд ҳокимиятни ҳам шу йўлга ўтишга чақирамиз!

Related Posts