“Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси қатнашчиларига Абдураҳим Пўлатнинг мурожаати

17 март 2018 йил

Азиз сафдошларим, дўстларим! Бир томондан сизлар билан, телефон орқали бўлса ҳам, бу мажлисда қатнашаётганимдан беҳад хурсандман. Аммо, айни замонда, миллат ва ватанимизнинг келажаги учун курашиб, ҳозир биргаликда ватанимизда бўлолмаётганимиздан изтиробдаман. Аминманки, шундай кун келади, бизни бу ҳолга солганлар миллат олдида жавоб берадилар.

Ўтган йили 28 январда ўтказилган мажлисимизда Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиё бераётган ваъдалар қанчалик бажарилишини кутиш, фаолиятни тўхтатмасак ҳам, янги ҳокимиятга аввалларидек ўта танқидий муносабатда бўлмаслик ҳақида келишгандик. Турли сабаблар билан кейинги йиғилишимизни ўтказиш учун 1 йилдан ортиқ вақт ўтди.

Бироқ, тан олиш керакки, бу вақт бекорга кетмади. “Бирлик”нинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Хабар Агентлиги Шавкат Мирзиё ҳукуматининг ҳар бир қадамини танқидий анализ қилиб турди ва бугун қабул қилинадиган қарорларимизнинг асосларини тайёрлаб бўлди. Баъзи фаолларимиз билан келишиб, бугунги йиғилишнинг кун тартибига қуйидаги масалаларни киритиш лозим деб топдик. Аммо, охирги қарорни мажлиснинг ўзи олади.

Марказий Кенгаш йиғилишинг КУН ТАРТИБИ (17 март 2018 йил)

1. Партиянинг янги президент олиб бораётган сиёсатга муносабати, шу муносабатдан келиб чиқадиган келажак стратегиямиз ва ҳокимиятга таклифлар.

2. Партияни рўйхатдан ўтказиш жараёнини давом эттириш масаласи.

3. Кичик бизнес эгалари билан иш олиб бориш ва партиямиз билан ҳамкорликка тортиш.

4. Расман рўйхатдан ўтган 4 та партияни қўғирчоқликдан чиқишга ва ватан ҳамда миллатнинг муаммолари билан шуғулланишга чақириш.

5. Халқни демократиянинг асосий қуроли бўлган тинч митингларга, майдонларга чиқишга тайёрлаш.

* * * * * *
Кун тартиби лойиҳасидаги масалалар бўйича ўта қисқача фикрларимни билдираман.

Биринчиси. Партиянинг янги президент олиб бораётган сиёсатга муносабати, шу муносабатдан келиб чиқадиган келажак стратегияси ва ҳокимиятга таклифлар ҳақида.

Янги Президент ҳеч шубҳасиз бир қатор янгиликлар билан шуғулланмоқда. Масалан, пораҳўр ва коррупционерларни ишдан олиш, уларни жазолаш ва қамоққа ташлаш бошланди, фермерлардан пахтани сотиб олиш нархи оширилди, чет эл инвесторларини Ўзбекистонга келишга қизиқтирадиган таклифлар ўртага отилабошлади, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни нормаллаштириш бошланди ва ҳоказо ва ҳоказолар. 

Аммо, булар Ўзбекистонни ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқолмайди. Ўзбекистоннинг ИККИТА энг муҳим муаммоси бор. Биринчидан, АҚШнинг Фридом Хаус ташкилотига кўра, мамлакатимиз инсон эркинликлари, демократия даражаси бўйича ҳам дейиш мумкин, дунё давлатлари рўйхатида охиридан иккинчи ўринда туради. Яъни, Ўзбекистон – КАТТА ЗИНДОН. Демак, Ўзбекистонни авваламбор демократиялаштириш зарур. Бунинг учун ҳозирги мавжуд қўғирчоқ Олий Мажлис ҳақиқий сайловлар йўли билан қайтадан шакллантирилиши керак. Мавжуд қўғирчоқ партияларни тарқатиб юбориш ёки уларни ҳақиқий партияларга айлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг аҳволи, бу аҳволдан чиқиш йўлларини кўрсатиб келаётган “Бирлик Партиясини дарҳол рўйхатга олиш керак. Қирғизистонда қирғиз фашизми жазоланмагунча, Ўзбекистон-Қирғизистон алоқалари тикланиши мумкин эмаслигини ҳаммаг тушунтириш ҳам жуда муҳим.

Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи ўта аянчли экани ҳам маълум. Бизда ўртача ойлик ривожланган давлатларни қўйиб туринг, ҳатто қўшнимиз Қозоғистондан ҳам 8-10 баравар кам. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади. Бу аҳволдан чиқишнинг ягонга йўли – тўла бозор иқтисодиётига ўтишдир. Хитой айнан шундай қилиб, ҳозир дунёда лидерликка иддао қилишга бошлади. Бизда эса, майда тадбиркорликка йўл берилган холос. Масалан, Қозоғистонда расман 6 доллар миллиардери ва 30 нафар бойлиги 100 миллион доллардан 1 миллиардгача бўлган бизнесменлар бор. Улар инвесторлардир. Бизда катта бойлар, яъни инвесторлар синфи мутлақо йўқ. Бу атайлаб қилинмоқда. Шавкат Мирзиё ўзбек инвестролари яратилиши йўлида Ислом Карим қўйган тўсиқларни олиб ташлаши шарт. Акс ҳолда, қашшоқликдан чиқолмаймиз ва бунинг айбдори уларнинг иккаласи бўлади. Бизнинг стратегиямиз – кескин мухолифатчилик қилишдир.

Иккинчиси. Шавкат Мирзиё ўзи Бош вазир бўлган йиллари Адлия вазирлиги ҳамма қонунларни бузиб, Ўзбекистонда ўзбек тилини давлат тили қилдирган, бошқа республикалардаги халқ ҳаракатлари ва фронтлари билан биргаликда СССРни парчалаб, Ўзбекистонни мустқилликка эриштирган “Бирлик” Партиясини рўйхатга олмаганини тан олиб, бизни кеч бўлса ҳам рўйхатга олиши керак. Акс ҳолда, биз рўйхатдан ўтиш жараёнини ўзимиз давом эттираверамиз, аммо Шавкат Мирзиё ўзбекнинг тарихига қора сифат билан киради. 

Учинчиси. Ўзбекистон тўла бозор иқтисодиётига ўтмаса, майда тадбиркоралар катта бизнес яратишларига йўл берилмаса, яъни расмий доллар миллионерлари ва миллиардерлари яратилишига йўл қўйилмаса, келажагимиз йўқ. Майда тадбиркорларга янада ўсиш учун йўл ҳам йўқ. Демак, уларнинг келажаги йўқ. Шуни уларга тушунтириб, уларни ўз тарафимизга тортишимиз, бизга молиявий ёрдам беришларига эришиш йўлида фаолият бошлашимиз керак. 

Тўртинчиси. Рўйхатдан ўтган 4 та партияни қўғирчоқликдан чиқишга, ватан ва миллатнинг муаммолари билан шуғулланишга чақиришимиз, уларнинг қўғирчоқлигини очиқча танқид қилиб, керак бўлса, шарманда қилишимиз лозим. Улар ҳақиқий партияларга айлансалар, демократия йўлида катта қадам бўлади. Ҳамма мухолифатчиларни “Бирлик”да тўплаш ҳам муҳим ишдир.

Бешинчиси. Ҳозирги ҳокимият Ўзбекистоннинг фундаментал муаммолари билан шуғулланмаётгани ва шуғулланишни ҳатто ўйламаётгани кўриниб турибди. Бу пайтда халққа бу нарсани тушунтириш ва ҳокимиятни ватан ҳамда халқ муаммолари билан шуғулланишга мажбур қилиш мақсадида халқни майдонларга чиқиш ва ўз талабларини ўртага қўйишга ўргатишимиз керак. Ўзбекистонни демократик давлатга айлантиришни ўйласак, демокртиянинг асоий қуроли бўлган тинч намойишлардан фойдаланишга халқимизни ўргатишга маҳкуммиз. Акс ҳолда, ўртага экстремистлар, террористлар, жиҳодчилар чиқадилар. 

Дўстларим, сафдошларим! Мен бу ерда ўта қисқа ёзишга ҳаракат қилдим. Аслида, бу масалаларни мажлисда яхшилаб муҳокама қилишимиз ва қарорлар қабул қилишимиз лозим.

Related Posts