Абдураҳим Пўлат Шавкат Мирзиёга: Президентлик сайловларни орқага суриш, уни “Бирлик” Партиясининг иштирокида ўтказиш керак

Октябрь 24, 2016

Кимга: Шавкат Мирзиё, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи
Кимдан: Абдураҳим Пўлат, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг раиси

 Ўзбекистон фундаментал ислоҳотларга муҳтож экан, ислоҳотлар муаллифи бўлган “Бирлик”нинг иштирокисиз ўтказиладиган президент сайловлари навбатдаги масхарабозлик бўлишини истамаймиз (тузатилган вариант)

 Жаноб Шавкат Мирзиё! Исми-шарифингизни ўрислар тиқиштирган шаклда эмас, ўзимизга хос усулда ёзаётганим учун хафа бўлмайсиз, деб ишонаман. Бундай хатни ёзайми-ёзмайми деб охириги дақиқаларгача азоб ичида ўйладим ва ниҳоят ёзишга қарор қилдим. Аслида, ёзиш учун биринчи турткилар — Ислом Каримни пойтахтда қуриладиган махсус мақбарада эмас, Самарқандда кўмиб келганингиз ва мен билан 1989 йилдаги учрашув таклифингиз менинг айбим билан, Сиз ҳаққингиздаги турли ривоятлар кўплиги туфайли, амалга ошмай қолганини эслашим бўлганди.

Лубянканинг агенти бўлган ва менталитети бўйича тожик аслли Ислом Карим ўзбекларнинг миллат сифатини, Ўзбекистоннинг давлат сифатини йўқ қилганини ҳеч ким инкор этолмайди. Ўзбек миллати ахир бир кун ўз сифатини тиклайди, бўлган воқеаларга тўғри баҳо беради. Ана ўшанда Ислом Каримнинг ҳоки ҳам муқаддас ўзбек тупроқларида қолмайди. 

Дарвоқе, Сиз ҳам ҳаётингизни охиригача президент бўлиб қолишни ўйлаётган бўлсангиз, бу хатим фойдасизлигини тушунаман, аммо, “ётиб қолгунча, отиб қол” деган гаплар ҳам бор ўзбекларда.

“Ўзбек тили давлат тили бўлсин” талаби билан “Бирлик”нинг митингларига чиққанларни калтаклатган ва қаматган, халқимизни бугуни ва эртанги куни билан қизиқмайдиган, бир ҳовуч қирғиз фашистлари 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирганида овозини ҳам чиқармайдиган ҳолга туширган Ислом Каримни елкасидан улоқтирмаган ўзбеклар миллат сифатини йўқотдилар.

Қўшни давлатларда ўзбек мактабларини бекитиш, ўзбекларни она тупроқларидан сиқиб чиқариш давлат сиёсатига айлантирилган. Тахминан 5 млн ўзбек яшайдиган Афғонистонда ўзбек мактаби ёки синфи йўқ. Булар билан шуғулланиш Ўзбекистон номли давлат президентининг вазифасидир.

Иқтисодий аҳволимизга қаранг. Давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича, Ғарб давлатларидан 30-50 баравар орқадалигимизни қўйиб туринг, қўшни Туркманистон ва Қозоғистондан 6-8 баравар орқадамиз. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам шунча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади.

Қаранг, Жаҳон Банкига кўра, 2005 йили Қозоғистонда Киши бошига ЯИМ $2930, бизда бор-йўғи $530 эди. Яъни, қозоқлардан 5,5 баравар орқада эдик. 2011 йилда бу рақамлар қозоқларда $6740 га, бизда $1100 га чиқди. Яъни, орқадагилигимиз 6,1 баравар бўлди. 2014 йили бу фарқ 8 га чиқди. Аҳолининг ўртача ойлик бўйича ҳам шунча орқадамиз. Ўшанда Сиз Бош вазир эдингиз-ку!

Яна бир фактни эслатмоқчиман. Расмий манбаларга кўра, 2014 йили чел элларда мардикорчилик қилаётган ўзбеклар ўз оилаларини боқиш учун Ўзбекистонга $8-9 млрд доллар атрофида пул юборганлар. Ўзбекистон Давлат Бюджетининг даромад қисми эса $11 млрд эди. Бундай давлатни мустақил деб бўладими? Йўқ. Демак, Ўзбекистон мустақил давлат сифатини ҳам йўқотиб бўлди.

Бунинг устига, машҳур халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотларга кўра, инсонларнинг эркинлик даражаси бўйича Ўзбекистонимиз жаҳон давлатлари ичида охиридан иккинчи ўринда туради. Бу рўйхатда Сомалиядан олдиндамиз, холос. Яъни, мамлакатимиз катта қамоқхонага айлантирилган. 

Табиий, буларнинг бош айбдори Ислом Каримдир.

Бундай аҳволдан косметик ислоҳотлар билан чиқиб бўлмайди. Аҳолига ҳозирги аҳволимизни очиқлаш ва бу аҳволдан чиқиш учун қилинадиган инқилобий, фундаментал ислоҳотлар дастурини эълон қилиш шарт.

Ислоҳотларни сиёсий соҳадан бошлаш ва Ўзбекистонни демократиялаштириш шарт. Тўғри, Ислом дини ҳалигача дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилмагани сабабли, Ислом динига диний эркинликлар тўла бериб бўлмайди. Демак, Ислом динига дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилдириш йўлида ҳам ҳаракатни ўзимиз қилишимиз керак. 

Сиёсий соҳада демократиялаштиришни ҳозирги қўғирчоқ парламент ва қўғричоқ партиялардан қутилиб, мустақил парламент ва мустақил партияларга асосланган демократик тузум яратишдан, СССРни йўқ қилиб, Ўзбекистонимиз мустақил бўлиб қолишида ҳал қилувчи роль ўйнаган, Ўзбекистоннинг бугунги аҳволига тўғри диагноз қўйган, бу аҳволдан чиқиш йўлларини кўрсатиб бўлган “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг давомчиси — “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини расман рўйхатга олишдан, сиёсий маҳбусларни озод қилишдан, чет элларда яшашга мажбур бўлаётган, террор ишларга қўшилмаган мухолифатчиларни юртга чақиришдан бошлаш керак. 

“Бирлик” Партияси рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳужжатларни Адлия вазирлигига ўз вақтида топширган. 2003-2005 йиллари Адлия вазирлигининнг мутлақо асоссиз ва тарихга кулгили бўлиб кирадиган талабларини ҳам бажариб, ҳужжатларни янгилаб берганмиз. Вазирлик уни рўйхатга олиши ёки рад жавоби бериши керак эди. Аммо, Сиз Бош вазир бўлган йилларда Адлия вазирлиги ўз вазифасини бажармади. 2 йил аввал ҳуқуқ ҳимоячилари бу хусусда Адлия вазирлиги, Омбудсман ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Миллий Марказига хат йўллаб, ҳаммани амалий ишга чақирдилар. Аммо, Адлия вазирлиги навбатдаги масхарабозча жавоб билан чекланди.

Иқтисодда қилиниши керак бўлган ислоҳотлар жуда муҳим. Ўзбекистонни ҳақиқий бозор иқтисодига ўтказиш, инвестор/бойлар синфи яратиш йўлида Ислом Карим яратган, жиноят деб баҳоласа бўладиган тўсиқларни йўқ қилиш, эски колхозлардан феълан фарқи бўлмаган фермер хўжаликларига бозор иқтисоди эркинликларини тўла бериш каби ишлар тезда қилиниши керак. Пахтадан олинадиган фойдани юксалтирадиган саноат яратмасак, қашшоқликдан чиқолмаймиз.

Шундай экан, Сиз Ўзбекистонни ҳозирги аянчли аҳволдан чиқариш учун жиддий ўзгаришлар қилиш ниятида бўлсангиз, шу йил декабрь ойига белгиланган президентлик сайловларини орқага суриш, ҳозир Ўзбекистонда ягона мухолифат партияси бўлган “Бирлик”ни рўйхатга олиш ва унинг номзоди ҳам иштирокида ҳақиқий президентлик сайловлари ўтказиш керак.

Ўзбекистонда инқилобий ва фундаментал ислоҳотларни “Бирлик”сиз, у ҳокимиятда бўладими, мухолифатда бўладими, фарқи кам, амалга ошириб бўлмайди. Мухолифатсиз келажагимиз йўқ! 

Ҳурматлар билан,

Абдураҳим Пўлат

* * * * * *

Бу хат Ўзбекистон ҳукуматининг адресига оддий почта йўли ва факс орқали (номери — 239-8463), Президент идорасига электрон почта (presidents_office@press-service.uz ва my.gov.uz) орқали 24-26 октябрь кунлари бир неча мартадан жўнатилди.

Related Posts