21 декабрь сайловлари масхарабозликдир, ҳақиқийсини ўтказиш шарт!

“Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Марказий Кенгашининг Баёноти, 2014 йил 17 декабрь

Ўзбекистонда 21 декабрь куни демократик давлатларда катта сиёсий воқеа деб ҳисобланадиган тадбир – Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлади. Минг афсуски, машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар тарафидан дунёнинг энг нодемократик давлатлари рўйхатига киритилган мамлакатимизда бу сайловларнинг ҳеч қандай сиёсий аҳамияти йўқ. Чунки, ўрта аср хонликлари каби бошқариладиган Ўзбекистонда Олий Мажлис ҳам, маҳаллий кенгашлар ҳам, қўғирчиқсифат органлар бўлиб, сайловларнинг ўзи масхарабозлик ўйинидан бошқа нарса эмас.

Аслида, Ўзбекистон буюк ўзгаришларга муҳтож. Жаҳон Банкининг маълумотларига кўра, ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлмиш киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича Қозоғистондан 2005 йилда 5,5 баравар орқада эдик, ҳозир 8-10 баравар орқадамиз. Аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам Қозоғистондан шунча орқадамиз. Бу фарқ яқин йиллар ичида кескин кўпайиши кутилмоқда. Миллионлаб ўзбеклар Россия ва Қозоғистонда ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланмасдан меҳнат қилиб, Ўзбекистонга пул юбормоқдалар. Ўзбекистондек давлатнинг Бюджети уларнинг пули билан оёқда турибди, демак, Ўзбекистон давлат сифатини ҳам йўқотмоқда.

Бунинг устига, 2010 йил июнь ойида ўзбек миллати тарихда бир марта бўладиган воқеа билан қаршилашди. Бир ҳовуч қирғиз фашистлари ўзбекларни тириклайин ёқдилар, ўзбек аёл-қизларини подалашиб зўрладилар, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдирдилар. Жаҳон бўйича сони 30 миллионга яқинлашиб қолган ўзбеклар ҳеч бўлмаса “Ўзбекдан қўлингни торт!” деб бақиришга ҳам журъат этмадилар. Фақат “Бирлик” Партияси Ўзбекистон ҳукуматидан Қирғизистонга ўз армиясини киритишни талаб қилди, ҳукумат суст қолди, аммо “Бирлик”нинг чақириғини ўзи қирғиз фашистларини тўхтатди.

Шундай экан, Ўзбекистондаги аҳвол фақат ҳукуматнинг айби эмаслигини, ўзбек миллати ўз тақдири билан қизиқмайдиган, миллий ғурурни унутган, фақат бугунги кун билан яшайдиган ҳолга келиб қолгани, ҳукумат бундан усталик билан фойдалаётганини тан олиш лозим.

Миллат ва Ватан шу аҳволда экан, арзимаган воқеалар Ўзбекистонндек давлатнинг парчаланиб кетишига йўл очиши муқаррардир. Шуни тушунган “Бирлик” Партияси ўта эҳтиётлик билан фаолият олиб боришга мажбур бўлмоқда. Аянчли аҳволда бўлган миллатнинг кўзини очолмасак, Ўзбекистон йўқ бўлади.

Президент Ислом Карим сўнгги йиллардаги чиқишларида Ўзбекистонда демократик ўзгартиришлар қилиш лозимлиги ҳақида гапириб қолганини ҳамма билади. У ҳам Ўзбекистоннинг аҳволини тушунмоқда ва ростдан ҳам қандайдир ўзгаришлар қилиш ниятидадир, деган умид уйғонди. Айнан шу умидга асосланиб ва бу йилги сайловларда иштирок этиш мақсадида “Бирлик” Партияси раҳбарияти ҳаракат бошлади. Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти воситасида Ўзбекистон Омбудсмени Сайёра Рашид ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Миллий Маркази раҳабари Акмал Саидни ҳам ўртага қўшиб, Адлия вазирлигидан партияни рўйхатдан ўтказиш учун берилган аризага жавоб беришни талаб қилди. Вазирлининг жавоби кўрсатдики, мавжуд ҳукумат ҳеч қандай ўзгариш қилмоқчи эмас. 

Шу сабабли, аввал бу сайловларга ҳеч қандай муносабат кўрсатмаслик ва эътибор ҳам бермаслик керак деб ҳисобладик. Аммо, Марказий Кенгаш аъзолари кўпчилигининг фикри билан шу баёнот тайёрланди. Маҳаллий фаолларимиз ўз сайлов округларида демократияга мойиллик кўрсатаётган номзодлар борлигини кўрсалар, уларга овоз бериш ҳам мақсадга мувафиқ деб топилди. 

Минг афсуски, “Бирлик”нинг иштирокисиз 21 декабрда бўладиган сайловлар мамлакатимизда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ўзбекистон давлатининг иқтисоди чўкишини давом эттиради. Миллионлаб ўзбеклар чет элларда ишлаб оила боқишга мажбур бўладилар, сиёсатга қизиқиш яна ҳам камаяди.

Нима қилиш керак? Жавоб битта: ғафлат уйқусидаги халқни уйғотиш, уни миллат ва давлатнинг касалликларига тўғри диагноз қўйган “Бирлик” Партияси атрофида бирлаштириш, иложи борича тезроқ кучга кириб, вақтидан аввал бўлса ҳам қонунлар йўли билан ҳақиқий сайловлар ўтказишга эришишдир.

Related Posts