Пароканда “Эрк”чилар “Бирлик” истаяпти

Шу кунларда ҳам ўзини ҳамда ўзи билан бирга бутун бир ўзбек мухолифатини ер билан битта қилган “эрк”чилар “ребрендинг” қилишни истаб қолган кўринади. Мазкур мақсадни амалга ошириш учун “Бирлик” партиясининг 35 йиллигини нишонлаш баҳонасида махсус телеграм канал ҳам очилган эмиш. Энг қизиғи, уни собиқ партия аъзоларидан эмас, балки Салай Мадаминовнинг ҳамфикри Нурилло Отахонов ташкил қилибди. 

Сўнгги 30 йил ичида ўзбек мухолифатини бирлашишига кўп ҳам рўйхушлик бермай келган, айниқса, бу борада “Бирлик”чилар билан сиёсий майдонда сира келиша олмаган шахслар нима учун бирдан ўзига рақиб билган партия билан ўралашиб қолди экан? Аслидачи, “Эрк” ва унинг собиқ “лидери” ҳамда аксарият кўзга кўринган аъзолари ўзларини аллақачон буткул шарманда қилиб бўлишган бўлсалар. Зотан, улар ўзларининг сохта ҳамда утопик сиёсий қарашлари билан дуч келган диний-дунёвий оқимларнинг вакиллари билан тил бириктиришиб, ўзларининг ҳаёлий мақсадларига эришишга ҳаракат қилган бу сохта диссидентлар алалоқибат бутун мухолифатнинг номини булғашга эришишди, холос. 

“Эрк” бутунлай сиёсат саҳнасидан четлатилгач, эндиги навбат “Бирлик”ка етиб келган кўринади. Салай Мадаминов бу ваколатни бекорга Нурилло Отахоновга топширмаган кўринади. Мухолифатчилар орасида, хусусан, Бирлик Халқ Ҳаракати Партияси сафида мутлақо номи танилмаган Нурилло Отахоновнинг бугун “Бирлик” ХХП учун жон куйдириши айни дамда аксарият хорижу ичкаридаги бирликчиларга ёқмай турибди. Унинг “Бирлик” ХХП сиёсий ҳаётида бирдан пайдо бўлиб қолиши шахсан менга ҳам хуш келмаяпти. Яъни, бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деганларидек, ишқилиб, бутунлай ёмонотлиқ бўлишдек шармандачилик навбати “Бирлик”ка ҳам етиб келмасинда, илоҳим!

Ваҳоланки, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ўзининг синахта тарихига эга ташкилот ҳисобланади. Унинг лидер ва машҳур аъзолари Абдураҳим Пўлатов, Пўлат Ахунов, Дилором Исҳақовалар четда қолиб, 35 йиллик юбилейни нишонлаш “эрк”чиларга қолгани мутлақо нотўғри деб ўйлайман. Бу “юбилей” ортидан Салай Мадаминовнинг шогирдлари “Бирлик”ни қўлга олмоқчи бўлаётганлиги кундай равшан. Ҳолбуки, “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг 35 йиллик юбилей тўйини ўтказишга ҳозирги кунда мазкур ташкилотни сотмаган юқорида мен тилга олган замонамизнинг тарихий шахслари лойиқ холос деб ўйлайман.

Related Posts