Ўзбекистон: Сўз эркинлиги учун майдон тораймоқда

Ҳурматли ҳамкасблар, ҳамкорлар ва сўз эркинлиги тарафдорлари!

Биз, “Бирлик” партияси ва “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти ҳамда унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, сўнги пайтларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, хусусан, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётгани, фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва блогерларнинг таъқиб қилиниши сингари ҳолатлардан ниҳоятда хавотирдамиз. Дарҳақиқат, 7 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилган фуқаролик жамияти фаоли, блогер ва партиямизнинг фаол аъзоси Отабек Аҳлиддинов ишига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз.

Фуқаролик жамияти ва демократик дискурсда фаол иштирок этаётган Отабек Аҳлиддинов 2014 йилнинг январ ойида Швецияга ташриф буюриб, у ерда етакчи сиёсий арбоблар, жумладан, либераллар партиясининг амалдаги раҳбари Йохан Персон (Johan Pehrson) билан учрашган эди. Бу учрашувлар унинг тинчлик, мулоқот ва демократик қадриятларни мустаҳкамлашга содиқлигини англатади.

2023 йил давомида Ўзбекистонда жамиятидаги муаммоларни ёритиб, танқидий чиқишлар қилган камида 40 нафар фаоллар ва журналист/блогерлар озодликдан маҳрум этилган ёки турли кўринишдаги жазога тортилган. Шу сабабли, биз халқаро ҳамжамиятни, хусусан, либераллар етакчиси Йохан Персонни (Johan Pehrson) ушбу масалаларни муҳокама қилиш ва чора кўриш юзасидан ўз таъсири ва Ўзбекистон расмийлари билан алоқаларидан самарали фойдаланишга чақирамиз.

Шу йилнинг август ойида ташкилотимиз Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида мурожаат йўллаб, танқидий фикр билдирган шахсларга нисбатан таҳдид ва ҳибсга олиш тенденцияси кучайиб бораётганини таъкидлади. Биз тизимли таъқибларни мамлакатда ўз фикрини эркин билдириш билан боғлиқ вазият ёмонлашганининг хавотирли белгиси сифатида баҳолаймиз. Прокуратура ва суд тизимларининг одатий нутқларидан ташқари, бошқа масъул идоралар мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ асл вазият ҳақида жамоатчиликка батафсил тушунтириш беришлари керак.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ҳар томонлама муҳокама қилиш учун “Давра суҳбати” ўтказиш таклифимизни такрорлаймиз. Фақат очиқ мулоқот, барча манфаатдор томонларнинг иштироки ва аниқ қадамлар орқали биз ҳолатни яхшилаш ва демократик институтларни мустаҳкамлашимиз мумкин.

Биз Ўзбекистон ҳукуматини очиқ ва конструктив мулоқот бошлашга, ўз фуқаролари ва халқаро ҳамжамиятнинг овозига қулоқ солишга, биргаликда мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни яхшилашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга чақирамиз. Ишончимиз комилки, бу нафақат Ўзбекистоннинг барча фуқаролари манфаатларига ҳамоҳанг келади, балки мамлакат ва бош раҳбарнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалишига ҳам хизмат қилади.

Ҳурмат билан,

Пўлат Ахунов, «Бирлик» партияси лидери

Гулноз Мамарасулова, “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамиятининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси директори

Related Posts