Партия фаолияти - Андижонда “Бирлик”нинг вилоят конференцияси ўтди, Cайиджаҳон Зайнобиддин раис бўлди
Партия фаолияти
27 July 2008
Андижонда “Бирлик”нинг вилоят конференцияси ўтди, Cайиджаҳон Зайнобиддин раис бўлди
Бугун Андижон шаҳрида “Бирлик” Партияси вилоят ташкилотининг конференцияси ўтказилди. Вилоятда ҳали ҳам феълан давом этаётган фавқулодда вазият туфайли, конференцияни ихчамроқ шаклда ўтказишга қарор қилинганди. Йиғилиш партия раисининг ўринбосари Пўлат Охуннинг раҳбарлигида, туманлардан келган 7 кишининг иштирокида ўтди. Мажлиснинг куни тартибидаги биринчи масала - Ўзбекистондаги вазият ва ундан келиб чиқиб партиянинг вазифалари, иккинчи масала – вилоят ташкилотининг раҳбар органларини сайлаш бўлди. Конференция қатнашчилари Ўзбекистондаги сиёсий вазият оғир бўлишига қарамасдан, “Бирлик”нинг фаолиятини жонлантириш имконияти борлигини таъкидладилар ва келаси йил бўладиган парламент сайловларида қатнашиш учун тайёрланишни ташкилотнинг асосий вазифаси деб белгиладилар. Ташкилий масалалар бўйича аввалдан партия раҳбарияти билан келишилган қарорлар қабул қилинди. Вилоят ташкилотининг раиси Акбарали Ориф Андижон воқеаларидан кейин 6 ой қамоқда ётиб чиққани ва бирйилдан бери Данияда яшаётгани ҳисобга олиниб, ҳозир расман раисни ўзгартирмасликка, у йўқ пайтида ташкилотнинг ишини бошқариш учун раисдош сайлашга келишилганди. Конференция қатнашчилари шу келишувни расмий қарор билан тасдиқладлар, Саиджаҳон Зайнобид вилоят ташкилотининг раиси бўлди. Маълумки, Сайиджаҳон Зайнобиддин Андижон воқеаларидан кейин сохта айбномалар асосида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва шу йил 4 февралда Екропа Иттифоқи билан Ўзбекистон орасидаги муносабатлар илиқланиши туфайли озод этилганди. Сайиджаҳон “Бирлик” тузилган йиллари унинг фаоли бўлган бўлса ҳам, сўнги йилларда фақат ҳуқуқ ҳимоячилиги билан шуғулланарди, ўзи ташкил қилган “Апелляция” ташкилотининг раиси эди. Ўзининг қамоқдан озод қилинишида “Бирлик”нинг позицияси катта роль ўйнаганини тушунган Сайиджаҳон Зайнобиддиннинг партия аъзолари билан алоқалари яна-да яхшиланди ва бирликчилар унга партиянинг вилоятдаги фаолиятига раҳбарлик қилишни таклиф қилдилар. У таклифни қабул қилди. Партия раиси Абдураҳим Пўлат у билан телефонда гаплашгандан кейин, бу масала узул-кесил ҳал бўлганди. Бугун конференцияда Саиджаҳон Зайнобиддин қуйидаги мазмунда расмий баёнот қилди: “Бирлик” бизнинг миллий бойлигимиз, уни қайта тиклаш бурчимиздир. Шунинг учун мен “Бирлик”га қайтдим. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларида ҳақиқий ўзгаришлар “Бирлик” ҳукумат тарафидан тан олиниши билан боғлиқ. Ҳозирда “Бирлик” танлаган йўл энг тўғри йўлдир”. Бу баёнотдан кеийн йиғилиш қатнашчилари аввалдан келишилган қарорни расмийлаштирдилар, дейиш мумкин. Сайиджаҳон Зайнобиддин “Бирлик” Партиясининг Андижон вилоятидаги етакчиси бўлди. Конференция яқинда бўладиган партия Қурултойи учун делегатлар ҳам сайлади. Делетатлар ичида Пўлат Охун, Саиджаҳон Зайнобиддин ва Акбарали Орифлар ҳам бор. |